25 ёшли фуқаро жаҳл устида қариндошини уриб ўлдириб қўйди

Жорий йилнинг 14 февраль куни Наманган вилояти Чортоқ туманида яшовчи 25 ёшли фуқаро тамаддихонада қариндоши билан ўзаро тортишиб қолиб, жаҳл устида уни уриб ўлдириб қўйган. Бу ҳақда Наманган ИИБ Ахборот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, Жорий йилнинг 14 февраль куни соат 21:00 ларда Чортоқ туманида яшовчи 25 ёшли фуқаро шу ердаги тамаддихоналардан бирида 36 ёшли қариндоши билан ўзаро тортишиб қолади. Жаҳл устида бўлган ёш йигит қариндош акасининг жағига 1 маротаба мушт туширган. Жабрланувчи туман марказий шифохонасига олиб келинган. Кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамай у шифохонада вафот этган.

Суд тиббий экспертизаси маълумотига кўра, марҳум ўткир юрак қон томири ва нафас етишмовчилиги, мия ва ўпка шишиши ташхиси қўйилган.

Жаҳлини жиловлай олмаган «меҳрсиз қариндошнинг» бу қилмиши 3 та фарзандни отасидан айирди.

Мазкур ҳолат юзасидан Чортоқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан фуқарога Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган ва қамоққа олинган.