Ўзбекистонда бошланғич синф ўқитувчиларининг педагог ставкаси 16 соат этиб белгиланиши мумкин. Бу ҳақда Таълим назорати инспекцияси хабар берди.
Қайд этилишича, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида 2023 йилнинг май ойига қадар бошланғич синф ўқитувчиларининг педагог ставкасини 16 соат этиб белгилаш бўйича таклиф тайёрлаш вазифаси белгиланган.
Шунингдек, давлат дастурида 2023 йилнинг май ойига қадар умумий ўрта таълим мактаблари раҳбар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шароитларини яхшилаш бўйича таклиф тайёрлаш белгиланган.
Бундан ташқари, давлат дастурига кўра жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Республика бўйича жами 27 минг нафар профессионал таълим муассасалари ўқитувчиларининг ойлик маошлари 20 фоизга оширилиб, ўртача 3 млн сўмга тенг бўлади. Ушбу мақсадларни амалга ошириш учун жорий йилда 139 млрд сўм йўналтирилади.
Маълумот учун, ҳозирги кунда Ўзбекистондаги мактабларда бошланғич синф ўқитувчиларнинг педагог ставкаси 18 соатни, юқори синф ўқитувчиларнинг ставкаси эса 20 соатни ташкил қилади.