Тошкент шаҳрида 5 та 110 кВ кучланишли подстанция қурилади. Президентнинг тегишли қарори (ПҚ-91, 11.03.2023 йил) билан, Тошкент шаҳридаги истеъмолчиларнинг энергия ресурсларига ўсиб бораётган талабини таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.
Қарорга кўра, Энергетика вазирлиги, Тошкент шаҳри ҳокимлиги, “Навоий КМК” АЖ, “Олмалиқ КМК” АЖ, “Ўзавтосаноат” АЖ ва “Ўзметкомбинат” АЖнинг таклифларига асосан 2023 йилда Тошкент шаҳри электр таъминотини яхшилашга қаратилган 35–110 кВ кучланишли электр тармоқларини ривожлантириш лойиҳаси тасдиқланди.
➖Юнусобод, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманларида умумий қуввати 664 МВА бўлган 5 та 110 кВ кучланишли подстанция ҳамда 49,6 км узунликдаги 35 кВ ва 110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш;
➖Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Олмазор ва Миробод туманларидаги 4 та подстанцияни реконструкция қилиш орқали уларнинг ўтказиш қувватини 179 МВАга ошириш;
➖жисмонан эскирган 7,5 км узунликдаги 35 кВ ва 41,7 км узунликдаги 110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларини замонавий турдаги кабель ва симларга алмаштирилади.
Шунингдек,
Энергетика вазирлигининг:
“ACWA Power” (Саудия Арабистони) компанияси иштирокида Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳудудида қуввати 400 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасининг биринчи босқичи қувватларини (100 МВт);
“China Gezhouba Group Investment Company Co.,Ltd” (Хитой Халқ Республикаси) компанияси иштирокида Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида қуввати 700 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасининг биринчи босқичи қувватларини (100 МВт) жорий йил якунига қадар ишга тушириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.