Қозоғистонда синоптиклар 1940 йилдаги ҳаво ҳарорати рекорди янгиланганини маълум қилди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.
Синоптиклар 2023 йилнинг февраль ойидаги об-ҳаво маълумотларини тақдим этди. Бу ойда республиканинг аксарият ҳудудларида ҳаво ҳарорати меъёрдан 1-3 даража юқори бўлган. Қарағанда вилоятидаги Балхаш об-ҳаво станциясида термометрлар +3,1 даражани кўрсатган. Шундай қилиб, ҳаво ҳарорати максимал +2,8 даражага кўтарилиб, 1940 йил рекорди янгиланган.
1978 йилдаги учта ҳарорат рекорди ҳам янгиланган:
22 февраль куни Қостанай вилоятида Аркалиқ метеорология станциясида ҳавонинг энг юқори ҳарорати +3,5 даражани ташкил этган ва олдинги рекорд +3 даражани янгилаган; худди шу куни Остона метеорология станциясида ҳавонинг максимал ҳарорати +4,8 даражани ташкил этди (илгари у +2,7 даража эди);
23 февраль куни Павлодар метеорология станциясида ҳавонинг максимал ҳарорати +3,4 даража (илгари +3 даража) бўлган.
Шарқий Қозоғистон вилоятида эса 22 февраль куни “Уст-Каменогорск” метеорология станциясида +6,5 даража иссиқ бўлди, шу билан 1991 йилдаги рекорд (+4,5 даража) янгиланди.
22 февраль рекордларга бой бўлган, хусусан Жезказган метеорология станциясида ҳаво +4,3 даражагача қизиб, 1999 йилги рекордни (+2,7 даража) янгилади.
20 февраль куни Манғистов вилоятида Ақтау метеорология станцияси ҳаво ҳароратининг максимал +12 даража қайд этди ва шу билан 2002 йилдаги рекордни (+11,1 даража) янгилади.