Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов 5 нафар фуқаро пластик картасидан салкам 38 миллион сўм пуллар ўғирланганини маълум қилди.
Таъкидланишича, 2022 йилнинг 4 ноябрь кунидан 2023 йилнинг 16 февраль кунига қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс 5 нафар фуқароларнинг пластик карталаридан жами 37.866.700 сўм пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Мазкур ҳолат юзасидан ички ишлари идоралари томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳолат юзасидан тезкор-техник ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилган. Қарийб 4 ой давомида олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноят Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида яшовчи 29 ёшли фуқаро Р.А. томонидан содир қилингани аниқланган.
Айни пайтда Р.А.нинг бошқа худди шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.