Афғонистонда эркакларга аёллар учун кийим тикиш тақиқланди

Афғонистон муваққат ҳукумати – “Толибон” эркак тикувчиларга аёллар учун кийим тикишни тақиқлади. Бу ҳақда “Tolonews” нашри хабар берди.

Парвон вилоятининг маркази Чарикар шаҳридаги бир нечта эркак тикувчининг айтишича, улар Фазилат ва вице-департамент расмийларидан аёллар учун кийим тикишни тақиқловчи оғзаки буйруқ олган. Шундан сўнг фақат аёлларга хизмат кўрсатадиган тикувчилар ўз дўконларини ёпишга мажбур бўлган.

“Дўкон ижараси – 10 000 афс (113 доллар) ва бошқа харажатлар ҳам бор. Биз уларни аёллар кийимини тикиш орқали қоплардик”, дейди тикувчи Мухтор Секандарий.

“Парвон” тикувчилик уюшмаси маълумотларига кўра, вилоятдаги тикувчиларнинг аксарияти чекловлар натижасида ишсиз қолган, айримлари эса мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

Бироқ маҳаллий расмийлар бу даъвони инкор этиб, тикувчиларга фақат баъзи бир кўрсатмалар берилганини айтган.

“Уларга кийим-кечак тикишга рухсат берилган ва улар учун маҳаллий тўсиқлар йўқ, лекин аёлларнинг ўлчамини эркаклар олиши мумкин эмас”, дейди Парвон ҳокими Ҳикматуллоҳ Шамим.

Қайд этилишича, мамлакатдаги ишсизлик ва қашшоқликнинг кучайиши оқибатида сўнгги икки йил ичида кўплаб ёшлар ноқонуний йўл билан бошқа давлатларга ишлагани кетган.