Ўзбек-афғон чегарасида ҳашаротлар кўпайиб кетмоқда

Ўзбекистон ва Афғонистон давлатлари чегарасидаги нейтрал жойлашган Амударё ичкарисидаги кичик оролчаларда зараркунда ҳашаротлар кўпайиб кетгани айтилди. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати шу сабабли чегара ҳудудда ёқиш ишларини амалга оширганини маълум қилди.

Таъкидланишича, ушбу зонада пайдо бўлган қамишзорларда турли касалликлар ташувчиси ҳисобланган зараркунанда ҳашаротлар кўпайиши ва юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш учун режали тартибда ёқиш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур иш мутасадди идоралар рухсати ҳамда масъул органларнинг ўзаро келишуви асосида амалга оширилиб, ёнғин тўлиқ назоратга олинган.

“Фуқаролардан ортиқча ваҳимага берилмасликни, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан эса аҳоли ўртасида ваҳима келтириб чиқарувчи ёлғон ахборотларни тарқатмасликни сўраймиз”, дейилади ҳокимлик хабарида.

Айтиш жоизки, дунё деҳқончилигида мавсумга қараб ҳар йили етиштириладиган экинларнинг касаллик, зараркунанда ҳамда ҳашаротлар билан зарарланиши кузатилади ва уларга қарши курашлар олиб борилади.

Зараркунанда ва ҳашаротларга қарши биологик кураш ишларини амалга ошириш ёки уларни ёқиб юбориш орқали курашиш мумкин.