«Инсоният 2029-2030 йилларда боқийликка эриша олади», – америкалик олим

Америкалик футуролог ва компьютер олими Рэймонд Курцвейл 2030 йилда одамни сунъий интеллектга бирлаштириш жараёни бошланиши, 2045 йилга келиб киборгларнинг биринчи авлоди вужудга келишини башорат қилди. Бу ҳақда “Iflscience” хабар берди.

Унинг айтишича, инсоният 2029-2030 йилларда боқийликка эриша олади. Бу вақтга келиб одамлар ўртача умр кўришни ҳар йили бир йилдан ортиқроқ узайтиришни ўрганиб олади. Бундан ташқари, яқин келажакда нанороботлар инсониятни касалликлардан қутқаради.

“Бу омиллар туфайли инсоният умр кўриш давомийлигини жиддий равишда оширади ва кейинчалик ўлмас бўлади”, дейди футуролог.

Куртсвейлнинг қўшимча қилишича, 2030 йилда сунъий интеллектга одамни бирлаштириш жараёни бошланади ва 2045 йилга келиб киборгларнинг биринчи авлоди вужудга келади. Бундай жараёнлар миянинг имкониятларини ўн минг марта оширади ва “янги” одамлар интеллектуал жиҳатдан ривожланган бўлади.

Маълумот учун, Курцвейл башорат қилишда етарлича тажрибага эга. У 1990 йилда компьютер 2000 йилга бориб шахмат бўйича жаҳон чемпионини мағлуб этишини, портатив компьютерлар ва смартфонларнинг кўпайишини, симсиз технологияларга ўтилиши ва Интернет бумини олдиндан кўришини тўғри башорат қилган. 2010 йилда у 20 йил олдин қилган башоратларини қайта кўриб чиққан ва улар тўғри ёки йўқлигини текширган. Мақолада у 1990 йилда 2010 йилгача бўлган йиллар ҳақида қилган 147 башоратидан 115 таси “бутунлай тўғри”, яна 12 таси амалда тўғри ва фақат 3 таси бутунлай нотўғри бўлиб чиққанини таъкидлаган. Масалан, у 2009 йилгача ўз-ўзидан бошқариладиган автомобиллар фойдаланишга киришишини башорат қилишда хато қилган.