Президентлар ўзидан аввалги раҳбарни ёмонлаши одатий ҳолга айланди – Жапаров

Қирғизистонда ҳар бир янги давлат раҳбари республиканинг ривожланишдан орқада қолиш сабабини ўзидан олдинги раҳбарларда кўрди, бу улар учун одатий ҳолга айланди. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров кеча, 21 март куни Ала-Тоо майдонида ўтказилган Наврўз байрамидаги чиқишида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, авваллари мамлакат тараққиётига ҳеч ким эътибор бермаган.

“Замонимиз воқеликлари тезкор жавоб бериш, қарор қабул қилиш ва ҳаракат қилишни талаб қилади.

Афсуски, бунгача катта-кичик ҳамма ўзининг бевосита бурчини бажаришдан кўра кўпроқ сиёсат билан банд эди, халқ хўжалигини мустаҳкамлаш масалаларига бефарқ қараб, бунга муносиб аҳамият бермас эди. Кланчилик, жамоачилик, қариндош-уруғчилик сиёсати жамиятнинг бош оғриғига айланди. Ҳар бир янги раҳбар давлат ривожланишидаги орқада қолиш сабабини ўзидан олдинги раҳбарларда кўрди, бу улар учун одатий ҳолга айланди. Биз буни тўхтатишимиз керак! Буларнинг барчаси ривожланишга халақит берди ва биз ҳали ҳам оқибатларини ҳис қиляпмиз”, дейди у.

У бугунги раҳбарлик остида мамлакат “тараққиёт йўлига” тушганини таъкидлади.

“Ҳозир ҳақиқат бошқача, дунё жадал ривожланмоқда, давлатлар янги талаб ва муаммоларга дуч келмоқда. Бу ўзгаришлар фонида Қирғизистон ўзини силкитиб, янгича фикрлаш, янгича қарашларни шакллантириш йўлидан бориши керак”, дейди Президент.

Унинг урғулашича, сўнгги икки йилда Қирғизистон ўтиш даврини якунлаб, ривожланиш йўлига ўтган.