Тожикистонда 23 мартга ўтар кечаси содир бўлган зилзилалар оқибатида 3 киши тан жароҳати олди, 60 дан ортиқ чорва моллари нобуд бўлди, деб хабар бермоқда “Аsia-Plus” нашри.
Зилзила эпимаркази бўлган Тожикистоннинг Сўғд вилояти Кўхистони-Мастчўх туманида яшовчи икки эркак ва бир аёл енгил тан жароҳати олган. 14 бош қорамол, 52 қўй ва 2 нафар от нобуд бўлган.
Рашт тумани Такоба қишлоқ фуқаролар йиғинининг Порвоғ, Дуоба, Саридашт ва Такоба қишлоқларида 27 та турар жой биноси қисман шикастланган — деворларда ёриқлар аниқланган.
Тегирми қишлоғида зилзила оқибатида иккита турар жой биноси жиддий зарар кўрган, 10 та уй, битта таълим муассасаси ва туман ижроия ҳокимияти биносига қисман зарар етган.
Сангвор тумани, Тавилдара жамоатидаги Фаркинг қишлоғида битта турар жой биносига қисман шикаст етган — деворларда ёриқлар ҳосил бўлган.
Турар жой бинолари ва ёрдамчи хўжаликларга етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.
Тожикистонда 23 март куни Тошкент вақти билан соат 01:07 да қайд этилган 6 магнитудали зилзила Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида ҳам сезилган, унинг кучи 4-5 баллни ташкил этганди. Республикада 23 март куни Тошкент вақти билан 07:53 да қайд этилган 4,9 магнитудали янги зилзила ҳам Ўзбекистонда 2-3 балл оралиғида сезилган.