Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси томонидан Қонун талаблари бузилиб, тендер танловлари ўтказилмасдан, фестивал тадбирларини ўтказиш учун турли фирмалар билан 20 млрд. сўмлик тўғридан-тўғри шартномалар тузилган.
Ушбу фестиваллар 2022 йилнинг май-сентябрь ойларида амалда ўтказиб бўлинган бўлсада, қонун бузилишларни яшириш мақсадида “etender.uzex.uz” махсус ахборот порталига 24 октябрь ва 3 ноябрь кунлари пойтахтда 5 та фестивал тадбирларини ўтказиш ҳақида номигагина эълон ва ҳужжатлар жойлаштирилган ҳамда шартномалар тузилган.
Ўтказилган фестиваллар доирасида ҳам амалда бажарилмаган ишлар ва кўрсатилмаган хизматлар учун 8 млрд. сўмлик бюджет маблағлари талон-тарож қилингани аниқланди.
Текшириш натижасига кўра, Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.