Тошкент вилоятида савдоси чекланган кучли таъсир қилувчи воситаларни оздирувчи дори сифатида сотган Қозоғистон фуқаролари қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, вилоятнинг Зангиота туманида амалга оширилган рейд тадбирларида 1989 йилда туғилган аёлнинг уйи ва автомобилидан қора бозордаги нархи 200 миллион сўмга тенг бўлган 15 хил ном ва кўринишдаги 36 минг 696 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси сотиш мақсадида сақлаб келинаётгани аниқланган.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, аёлга дори воситаларини етказиб берган 34 ёшли Қозоғистон фуқароси ҳам Ўзбекистон ҳудудига 2 минг қути ёки 72 минг дона дори воситасини олиб кираётганда ушланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 251-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тезкор тадбир давомида 20 хилга яқин турли ном ва кўринишдаги жами 108 минг 696 дона таркибида кучли таъсир қилувчи модда ва уларнинг аналоглари бўлган дорилар муомалага чиқарилишининг олди олинган.