Энди навбат помидоргами?

Ўзбекистонда ўтган ҳафтада қизил думалоқ помидорнинг ўртача улгуржи нархи 29 фоизга ва ўтган йилга нисбатан деярли 2 бараварга ошди. Бу ҳақда EastFruit портали хабар берди.

Шунингдек, 2023 йилнинг 17 мартидан 24 мартигача Ўзбекистонда қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи 28 минг сўмдан 36 минг сўм/кг га (2,45 дан 3,16 долларга), бир ҳафта ичида 28,6 фоизга ошган. Охирги уч ойда ушбу маҳсулотларнинг жадал ўсиши ҳисобга олинса, йил бошидан 24 мартгача Ўзбекистонда қизил думалоқ помидорнинг улгуржи нархлари 2,4 баробарга ошган.

24 март ҳолатига кўра, мамлакатларда қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи қуйидаги кўрсаткични ташкил этган (1 кг учун АҚШ долларида):

Ўзбекистон — $3,16;
Польша — $2,79;
Украина — $2,60;
Тожикистон — $2,29;
Молдова — $1,61;
Грузия — $1,16.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда кузатилган аномал совуқ сабаб пиёз нархи кўтарилиб кетгани ҳақида маълумот бергандик.