Шимолий Кореяда одамлар гиёҳванд моддалар, Жанубий Корея оммавий ахборот воситаларини тарқатиш ва диний фаолият учун қатл қилинади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Кореялараро масалаларни ҳал қилувчи Жанубий Кореянинг Бирлашиш вазирлиги 2017-2022 йиллар давомида ватанини ташлаб кетган 500 дан ортиқ Шимолий Корея фуқаросидан тўпланган гувоҳликларга асосланган 450 саҳифалик ҳисоботни эълон қилди.
“Шимолий Корея фуқароларининг яшаш ҳуқуқи жиддий таҳдид остида. Қатлни оқламайдиган ҳаракатлар, жумладан, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар, Жанубий Корея видеоларини тарқатиш, диний ва хурофотга асосланган ҳаракатлар учун қатл жазоси кенг қўлланилади”, — дейилади вазирлик ҳисоботида.
Ҳисоботда жамиятларда, ҳарбий асирлар лагерларида ва бошқа жойларда ҳуқуқларнинг бузилиши, жумладан, оммавий қатллар, қийноқлар ва ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ҳолатлари батафсил баён этилган.
Вазирликнинг таъкидлашича, қамоқхоналарда ўлим ва қийноқлар мунтазам бўлиб туради ва баъзи одамлар чегарадан ўтмоқчи бўлганида қўлга олиниб, қатл этилган.
34 мингга яқин шимолий кореялик Жанубий Кореяда қўним топган, бироқ чегара қўриқлаш кучайтирилгани сабабли қочоқлар сони кескин камайган. Шимолий Кореядан келганлар сони 2021 йилда COVID-19 ёпилиши шароитида 63 нафарни ташкил қилган бўлса, 2022 йил бу кўрсаткич 67 нафарни ташкил қилган.
Жанубий Корея президенти Юн Сук Ёл ҳисобот халқаро ҳамжамиятни Шимолий Кореянинг даҳшатли қонунбузарликлари ҳақида яхшироқ хабардор қилиши кераклигини айтди ва КХДР ядровий амбицияларини давом эттирар экан, иқтисодий ёрдамнинг ”бир тийинига ҳам лойиқ эмас”лигини таъкидлади.