Бош прокуратурага Косон ҳокими устидан шикоят йўлланди

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Косон тумани ҳокими Асрол Бойқораевнинг мажлисда рўзадор фермерларни сув ичишга мажбурлагани ҳолати бўйича Бош прокуратурага мурожаат қилди.

Кенгаш раиси ўринбосари Зафар Мустафақуловнинг Бош прокуратурага йўллаган мурожаат хатида Конституциянинг 31-моддаси ҳамда Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонуннинг 4-моддаси эслаб ўтилган ҳамда мамлакатимизда референдум ўтказишга тайёргарлик кўрилаётган сиёсий жараёнлар пайтида Косон тумани ҳокимининг хатти-ҳаракатлари жамиятнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлаётгани қайд этилган.

Шуларни инобатга олиб, ҳокимнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан прокурор назорати ҳужжати қўллаш масаласини кўриб чиқилишида амалий ёрдам бериш сўралган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилояти Косон тумани ҳокими ўзи чақирган мажлисда рўзадорларни рўзасини очишга мажбурлагани ҳақида хабарлар тарқалганди.