Яна дарахткушлик: Қаршида қурилиш бўлаётган бино олдидаги 35 туп манзарали дарахт кесиб ташланди

Ўзбекистон Экологик партияси Қашқадарё вилоят кенгаши Қарши шаҳрида ноқонуний кесиб ташланган манзарали дарахтлар бўйича маълумот берди.

Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳар “Табассум” маҳалласида яшовчи фуқаролардан тунги пайт номаълум шахслар томонидан 35 туп манзарали дарахтларнинг аёвсиз кесиб ташлагани тасвирланган суратлар тарқалди.

“Айтишларича, барг чиқариб, ҳаттоки мева тугишга (тут) улгурган дарахтлар қурувчиларга ёқмаган”, — дейилади хабарда.

Экологик партиянинг вилоят кенгашига бу бўйича мурожаат келиб тушган ва ушбу мурожаатни кенгаши раиси Шокир Именов жойига бориб ўрганган. Аниқланишича, “Табассум” маҳалласи ҳудудидаги тугалланмаган қурилиш биноси олдида 35 туп жумладан – можевенник, мажнунтол, тут, қайрағоч, Элдор қарағайи ва бошқа манзарали дарахтлар кесиб ташланган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан шаҳар Ички ишлар бошқармаси, Табиат ресурслари вазирлиги вилоят бошқармаси масъуллари, Экологик партия вакиллари, маҳалла фаоллари, журналист ва блогерлар, бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.