Буюк ишларни амалга ошириш учун жуда кўп вақт керак. Тарихдаги машҳур инсонлар, ихтирочилар, сиёсатчи ва давлат арбоблари бир кунда неча соатдан дам олишган?
Наполеон Бонапарт
Наполеон ҳеч қачон бир кунда 4 соатдан кўп ухламаган. У одатда кечки соат 12:00 дан 2:00 гача ва тонгги соат 5:00 дан 7:00 гача ухлаб дам олган. У ҳамиша эркаклар бир кунда 4 соат, аёллар эса 5 соат ухлашлари етарли деб ҳисоблаган.
Маргарет Тетчер
Таниқли сиёсатчи бир суткада 5 соатни ухлаш учун ажратган. У аёл кишининг ташқи кўриниши ҳамиша яхши бўлиши кераклиги, бунинг учун зарур бўлса уйқудан воз кечиш лозимлигини кўп бор такрорлаган.
Леонардо да Винчи
Да Винчи ишлаш учун энг ажойиб палла – тонгги соат 6:00 дан кундузги 10:00 гача бўлган вақт деб ҳисоблаган. У ҳар 4 соатда 15 дақиқадан мизғиб олган ва бутун умри давомида ана шу тарзда ҳаёт кечирган.
Салвадор Дали
Салвадор Далини эса деярли ухламаган дейиш мумкин. У тунда уйқуга кетишдан аввал полга темир патнис қўйган, қўлига эса қошиқ ушлаб ўтирган. Рассом мудрашни бошлаган вақтда қошиқ унинг қўлидан тушиб кетган ва патнисга урилиб, ижодкорни уйғотиб юборган.
Никола Тесла
Таниқли физик ва ихтирочи Никола Тесла бир кунда 2-3 соат ухлаган холос. Замондошларининг айтишларича, ихтирочи баъзан ўта чарчаган бўлишига қарамай, туни билан ухламасдан ишлаган. “Ҳолдан тойдим, аммо ишимни тўхтата олмайман. Тажрибаларим шунчалар муҳим, шунчалар бетакрор, шунчалар ҳайратланарлики, овқатланиб олиш учун улардан аранг ажраламан. Ухламоқчи бўлганимда ҳам улар ҳақида ўйлайвераман. Менимча, йиқилиб қолмагунимча шундай бўлса керак”, деган эди Тесла.