Тошкентда аёл ўзи ва 3 нафар фарзандини тўққизинчи қаватдан ташлади

Сергели туманида 27 ёшли аёл 3 нафар фарзанди (1, 4 ва 5 ёш) билан ўзини тўққизинчи қаватдан ташлаб юборганди. Бош прокуратура уларнинг барчаси ҳалок бўлганини маълум қилди. Воқеа сабаблари ўрганилмоқда.

Тошкентнинг Сергели туманида аёл 3 нафар фарзанди билан ўзини тўққизинчи қаватдан ташлаб юборгани хабар қилинганди. Бош прокуратура матбуот котибининг маълум қилишича, уларнинг барчаси воқеа жойида ҳалок бўлган.

Аниқланишича, 3 апрель куни соат 19:20 да 1996 йилда туғилган А.Д. 5 ва 4 ёшли фарзандларини (бир қиз, бир ўғил) пастга ташлаб юборган.

Шундан сўнг қўлига бир ёшли фарзандини (қиз) олиб, ўзи ҳам пастга сакраган. Оқибатда уларнинг барчаси олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Воқеа сабаблари ўрганилмоқда, дея қўшимча қилди Бош прокуратура.