Қаршида қурилиш бўлаётган бино олдидаги 35 туп манзарали дарахт кесиб ташлангани тўғрисида хабар берилганди. Табиат ресурслари вазирлиги Қашқадарё вилояти бошқармасининг маълум қилишича, ҳолат бўйича ҳужжатлар прокуратурага тақдим этилган.
Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳар “Табассум” маҳалласида яшовчи фуқаролардан тунги пайт номаълум шахслар томонидан 35 туп манзарали дарахтнинг аёвсиз кесиб ташлагани тасвирланган суратлар тарқалди. “Айтишларича, барг чиқариб, ҳаттоки мева тугишга (тут) улгурган дарахтлар қурувчиларга ёқмаган”, — дейилади хабарда.
Ушбу ҳолат бошқарманинг давлат инспекторлари томонидан жойида ўрганилган. Ўрганишлар давомида Қарши шаҳар “Табассум” МФЙ ҳудудида 30 туп ҳар хил турдаги ва диаметрдаги дарахтлар ноқонуний равишда кесиб ташлангани аниқланган.
Мазкур ҳолат бўйича ўсимлик дунёсига етказилган 151 миллион 650 минг сўм зарар ҳисобланган ҳамда ҳолат юзасидан расмийлаштирилган барча ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Қашқадарё вилоят прокуратурасига тақдим қилинган.