Жиноят кодексидаги коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришни белгиловчи қонун Сенат томонидан маъқулланди. Бу ҳақда Аксилкоррупция агентлиги Акмал Бурханов маълум қилди.
Унга кўра, Сенат:
Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (205-модда) ҳамда Ҳокимият ҳаракатсизлиги (208-модда) жиноятлари ғаразли ниятларда содир этилган бўлса, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш;
пора олганлик (210-модда), пора берганлик (211-модда) ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик (212-модда) учун йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилишига оид ҳужжатни қабул қилган.
«Жиноят кодексининг саккизинчи бўлими «Коррупцияга оид жиноятлар» атамаси билан тўлдирилмоқда ва 16 та моддада назарда тутилган жиноятлар (167-модда учинчи қисми «д» банди, 168-модда тўртинчи қисми «г» банди, 192-9, 192-10-моддалари, 192-11-модда иккинчи қисми «в» банди, 205-модда иккинчи қисми «в» банди, 206-модда иккинчи қисми «в» банди, 208-модда иккинчи қисми, 209-модда иккинчи қисми «в» банди, 210, 211, 212, 213, 214-моддалари ва 301-модда иккинчи қисми «б» банди) шунингдек, 243-моддада назарда тутилган, коррупцияга оид жиноятларни содир этиш натижасида олинган даромадларга нисбатан содир этилган жиноятлар коррупциявий жиноятлар сифатида эътироф этилмоқда», – деб ёзмоқда Акмал Бурханов.
Шунингдек, порахўрлик жиноятларини содир этган шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинмаслиги, коррупцияга оид оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиш қўлланилмаслиги белгиланмоқда.