Жаҳон банки Ўзбекистонга узоқ муддатли истиқболда пенсия ёшини оширишни тавсия қилди. Бу борадаги тавсия ҳукумат сўрови билан тайёрланган ҳисоботдан ўрин олган.
Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистондаги демографик ўзгаришлар ва қариялар сонининг кўпайиши пенсия тизимига босим кўрсатмоқда. Бунинг ортидан эса пенсия тизимини ислоҳ қилиш зарурияти келиб чиқмоқда.
«Ўзбекистон пенсия ёши аёллар учун 55, эркаклар учун 60 ёш бўлган собиқ иттифоқ мамлакатлари ичидаги ягона давлат ҳисобланади. 1990 йиллардаги ўтиш даври ислоҳотлари вақтида кўплаб мамлакатлар пенсия ёшини 2-3 йилга оширдилар», дейилади ҳисоботда.
Қайд этилишича, айрим давлатлар аёллар ва эркакларнинг пенсия ёшини босқичма-босқич тенглаштиришга киришишмоқда. Эстония, Латвия, Литва ва Озарбайжон аёллар ва эркаклар учун пенсия ёшини 65 ёшга оширмоқда.
«2025 йилдан бошлаб пенсия ёшини секин 65 ёшгача оширишни назарда тутувчи 2021-2030 йилларга мўлжалланган Миллий ижтимоий ҳимоя стратегияси доирасида қарор қабул қилиш энг яхши вариант бўлади. Келгусида бу демографик ўзгаришлар босимини камайтириб, меҳнатга лаёқатли ва пенсия ёши ўртасидаги чегарани аста-секин ўзгартиради. Ишчи кучининг демографик ўсиш салоҳияти тугагунга қадар (2040 йилларнинг ўрталарида) буни амалга ошириш учун мамлакатда вақт бўлиши жуда муҳим, чунки бу миллий рақобатбардошлик масаласидир», дея тафсия қилган Жаҳон банки.