Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари томонидан 2023 йилга қадар хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан қабул қилинган совғалар бўйича Совғалар реестрини шакллантирилди.
Реестрда келтирилган маълумотларга кўра, шу вақтгача қиймати 14,57 миллион сўмлик 8 та совға агентликка ҳадя қилинган. Уларнинг барчасини агентлик директори Акмал Бурҳонов қабул қилган.
Улардан тўрттаси стол устига қўйиладиган сувенир бўлса, яна тўрттаси деворга осиладиган расмдир. Совғаларнинг энг қиммати Миср Маъмурий назорат идорасидан юборилган стол устига қўйиладиган сувенир бўлиб, унинг қиймати 3,2 миллион сўмни ташкил этади. Афғонистон Коррупцияга қарши курашиш комиссиясининг сувенири қиймати бўлса 1,35 миллион сўмга баҳоланган.
Деворга осиладиган расмларни эса Озарбайжон Коррупцияга қарши курашиш бош бошқармаси (1,4 млн сўм), Қозоғистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори (1,45 миллион сўм), Тожикистон Давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши курашиш агентлиги (1,6 миллион сўм ва 2,5 миллион сўм) юборган.
“Совғаларнинг савдо чеклари ёки қиймати ҳақидаги бошқа маълумотлари йўқлиги сабабли уларнинг нархлари бозор ва интернет маълумотлари асосида ўрганиб чиқилган ҳамда шу асосда баҳоланган”, — дейди агентлик ходими Феруза Мирзакомилова.
Март ўрталарида Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек, уни тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган эди. Низомга кўра, Давлат фуқаролик хизматчиси оладиган совға қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
миллий қонунчиликда тақиқланмаган ашёлар бўлиши;
совға халқаро ва бошқа расмий тадбирда ихтиёрий берилган бўлиши;
совға очиқ ва ошкора қабул қилиниши;
давлат органининг обрўсига путур етказмаслиги;
манфаатлар тўқнашуви ёки коррупциявий омилни келтириб чиқармаслиги.
Давлат фуқаролик хизматчиси совғани тадбирдан келгандан сўнг 3 иш кунида хўжалик бўлимига беради ва бунда далолатнома тузилади. Совғанинг қиймати аниқ бўлмаса, хўжалик бўлими уни баҳолайди ва унинг қиймати БҲМнинг 4 бараваридан (1,2 миллион сўмдан) кўп бўлмаса, совға давлат фуқаролик хизматчисига берилади.
Совға қиймати БҲМнинг 4 бараваридан кўп бўлса, у молия-иқтисод бўлинмаси томонидан давлат органи балансига кирим қилинади ҳамда давлат органи эҳтиёжи учун фойдаланилади.
Тез яроқсиз ҳолга келувчи совғалар (гул, ширинликлар), шунингдек, канселярия тўпламлари (тақвим, буклет, пластмассали ручка, кундалик ва блокнот) совға сифатида расмийлаштирилмайди ҳамда ушбу совғалар давлат фуқаролик хизматчисида қолдирилади. Мазкур низом талаблари барча давлат фуқаролик хизматчилари учун мажбурий ҳисобланади.