Ўзбекистонда электросамокатларда ҳаракатланишни чеклаш таклиф этилди. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтига кўра, мамлакатда мазкур транспорт воситаларининг бетартиб ҳаракатланиши пиёдалар, велосипедчилар ва автомашиналар учун қатор муаммоларни юзага келтирмоқда.
2022 йилнинг апрель ойида Тошкентда биринчи кикшеринг хизмати ишга туширилди ва қисқа вақт ичида оммалашди. Бироқ мазкур транспорт воситаларининг бетартиб ҳаракатланиши пиёдалар, велосипедчилар ва автомашиналар учун қатор муаммоларни юзага келтирмоқда.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига “электр самокат” тушунчаси киритилмаган. Мазкур қурилмаларни қулай шаҳар транспорти сифатида ривожлантириш учун қонунчиликни такомиллаштириш ва улардан фойдаланишни тартибга солиш мақсадга мувофиқ. Хусусан:
йўл ҳаракати қоидаларига “электр самокат” тушунчасини киритиш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилаш;
пиёдалар серқатнов ҳудудларда тезликни автоматик пасайтириш технологиясини қўллаш;
қурилмадан бир вақтнинг ўзида икки кишининг фойдаланиши, шунингдек, маст ҳолатда бошқаришнинг олдини олиш механизмини ишлаб чиқиш;
қурилмалардан фойдаланишда ёш чегарасини жорий этиш (Face-ID технологиясидан фойдаланиш);
электр самокатларни тунда ижарага олишни чеклаш;
электр самокатлар турадиган махсус жойларни ташкил этиш.
Халқаро тажриба
Электр самокатлар билан боғлиқ нохуш ҳодисалар статистикасига мувофиқ, Италияда сўнгги икки йил ичида электр самокатлар иштирокида рўй берган йўл транспорт ҳодисалари (ЙТҲ) оқибатида 17 киши вафот этган. Францияда бўлса 2022 йилда электр самокатлар 27 кишининг ҳаётига зомин бўлган. Хусусан, Парижда 3 киши ҳаётдан кўз юмган ва 459 киши жароҳатланган.
Буюк Британияда 2021 йил 10 нафар фойдаланувчи тўқнашув оқибатида оламдан ўтган, 331 нафари оғир жароҳат олган. Германияда 2022 йилда электр самокатлар иштирокида жами 442 та бахтсиз ҳодиса рўй берган.
Шу боис хорижий мамлакатларнинг ҳукуматлари қурилмалардан фойдаланишни тартибга солишга қаратилган бир қатор чора-тадбирларни кўрмоқда. Хусусан:
2023 йилнинг апрель ойида Парижда ўтказилган референдумда иштирок этганларнинг 90 фоизи ушбу транспорт воситаларини таъқиқлаш тарафдори эканлигини билдирган. 2022 йилда Хелсинкида дам олиш кунлари ярим тундан кейин электр самокатларни ижарага олиш таъқиқланган.
Японияда электр самокатда давлат рақами ва ён ойналари бўлиши керак, шунингдек, уларнинг пиёдалар йўлагида ҳаракатланиши ҳам таъқиқланган. Буюк Британияда электр самокатдан фойдаланувчида Q тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши даркор.
Дания, Испания ва Норвегияда махсус дубулға кийиш 2022 йилдан бошлаб минимал техник стандарт сифатида жорий қилинган. Россияда 2023 йилдан электр самокатлардан фойдаланувчиларнинг юк ва бошқа йўловчиларни ташиши таъқиқланган.