Сунъий интеллектнинг хатосини топганга 20 минг доллар берилади

OpenAI компанияси ChatGPT сунъий интеллектидаги хатоликларни аниқлаганларга 20 минг долларгача мукофот ваъда қилди. Бу ҳақда компаниянинг сешанба кунги блог постида маълум қилинди.

Қайд этилишича, компания чатбот тизимидаги камчилик ва хатоликларни аниқлашга қаратилган «Bug Bounty Program» дастурига старт берган. Унга кўра, кичик камчиликларни аниқлаганларга 200 доллар, «алоҳида кашфиётлар» учун эса 20 минг долларгача мукофот берилиши маълум қилинган.

Компанияга кўра, 7 та хатоликни аниқлаганлар учун аллақачон мукофот пуллари ўтказиб берилган. Мукофот берилмайдиган хатоликлар сифатида эса «моделни сизга ёмон гаплар айтишга мажбур қилиш» ва «моделни сиз учун зарарли код ёзишга мажбурлаш» каби ҳолатлар келтирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ChatGPT бир неча сония ичида беморга тўғри ташхис қўйган эди. Шунингдек, сунъий интеллект футбол бўйича барча даврларнинг энг кучли ўйинчиларидан иборат рамзий терма жамоани ҳам тузиб чиққанди.