Ўзбекистонда расмий даромади етарли бўлмаган аҳоли ҳам ипотека кредити олиш имконига эга бўлди

Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб расмий даромади етарли бўлмаган аҳолига ҳам ипотека кредити олиш имкони яратилиши ҳақида хабар берилган эди. ЎзАнинг хабар қилишича, Шавкат Мирзиёев 13 апрель куни бу борада тегишли фармонни имзолади.

“2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга кўра, ипотека кредитлари ва субсидияларни ажратиш тартибига бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Эндиликда банкларга ипотека кредитларини расмий даромадга эга бўлмаган жисмоний шахсларга ҳам ажратишга рухсат этилди. Бунда, ушбу фуқароларнинг тўлов қобилияти уларнинг банк картасидаги айланмаси, ижара, коммунал ва бошқа харажатларини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

Банкларга дастлабки бадал миқдори, имтиёзли давр муддати ва бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб, кредитлар бўйича табақалаштирилган фоиз ставкаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилди. Бунда, дастлабки бадални кўпроқ тўлаган фуқаро арзонроқ кредит олиш имконига эга.

Субсидияга ажратилган маблағларни тезроқ ишлатиш учун, субсидия хабарномасининг амал қилиш муддати 12 ойдан 4 ойга туширилди. Бунда, фуқаро 4 ойда сертификатдан фойдалана олмаса, у субсидияга қайта ариза топшириши мумкин.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Халқпарвар комиссияларининг хулосасига асосан хато ажратилган субсидия сертификатларини тўғридан тўғри бекор қилиш ва тўловларни тўхтатиш ҳуқуқи берилди.