Бу ҳақда Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков ўзининг телеграм каналдаги саҳифасида маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Карвон» телеканалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси (ID-78167 (V-1) тайёрланиб, бир неча кун аввал норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими – project.gov.uzда эълон қилингач, лойиҳа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Вазирнинг таъкидлашича, у «Маданият ва маърифат» телеканали Маданият ва туризм вазирлиги таркибига қўшиб берилиши юзасидан билдирилаётган фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларни ўрганиб чиққан.
«Ҳафта давомида трендга чиққан «Маданият ва маърифат» телеканали атрофидаги фикр-мулоҳазалар миллатимиз зиёлилари, телеижодкорлар юрагида йиғилиб қолган дардларни ҳам ошкор қилди. Бу жўшқин чиқишлар тўлқинида эътиборимни тортган масалалар қаторида қуйидагиларни алоҳида белгилаб олдим:
1. Телеканал номини ўзгартирмаслик;
2. Илмий-маърифий, адабий-бадиий лойиҳаларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш;
3. Моддий-техник база масаласига ечим топиш;
4. Меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш масаласини ҳал қилиш;
5. Бадиий ва ҳужжатли фильмлар, умуман, барча жанрдаги медиамаҳсулотни эфирга узатишда лицензия билан боғлиқ масалалар.
Бу ва бошқа ёндош масалалар босқичма-босқич ҳал этилиши лозим, бу жараёнларда эса бутун жамоа бирлашиши, баҳс-мунозара майдонида кўрсатган қатъиятини иш майдонида ҳам намоён этиши зарур деб биламан. Зеро шу юрт, шу халқ вакиллари сифатида барчамиз умумий мақсад йўлида – миллатни юксалтириш, юрт равнақига ҳисса қўшиш йўлида камарбастамиз.
«Маданият ва маърифат» телеканали атрофидаги жўшқин баҳсларда холис иштирок этган барча зиёлиларга юракдан ташаккур айтаман.
Ойдин кунларга етишмоқ йўлидаги хайрли сайʼ-ҳаракатларимиз яхши самараларга етказсин, барчаларимизни муборак кунлар фазилатидан насибадор қилсин, дейди вазир.