Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида 12 апрель куни 21 ёшли йигит спорт клубида вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Унга кўра, соат 22:15 да Янгийўл туманида яшаган, Тошкент давлат аграр университетининг 2-босқич талабаси Д.А. Янгийўл шаҳри тиббиёт бирлашмасининг қабул бўлимига олиб келинган.
Марҳум Д.А.нинг Янгийўл шаҳри “Рамадан” МФЙда жойлашган спорт клубида соғлиғи ёмонлашиб қолган ва шу ернинг ўзида вафот этган.
Суд тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, унинг ўлими ўткир юрак етишмовчилиги оқибатида келиб чиққани ва марҳумда тан жароҳатлари мавжуд эмаслиги қайд этилган.
Ҳолат юзасидан Янгийўл шаҳри прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.