Ўзбекистонда пенсия ёши ошириладими?

Жаҳон банки Ўзбекистонга узоқ муддатда пенсия ёшини оширишни тавсия қилгани тўғрисида хабар берилганди. Пенсия жамғармаси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётан ушбу маълумот юзасидан изоҳ берди.

Қайд этилишича, ҳозирда Пенсия жамғармасида бу бўйича ҳеч қандай таклиф ва лойиҳа кўриб чиқилмаяпти, шунингдек, ушбу масала кун тартибида эмас.

Жаҳон банки “Ўзбекистонда давлат харажатларини кўриб чиқиш: инсон капитали ва сув инфратузилмасига сарфланган маблағлар самарадорлигини ошириш” ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботда кексалар сонининг кўпайиши пенсия тизимига босим ўтказаётгани, шунинг учун уни ислоҳ қилиш зарурати пайдо бўлаётгани қайд этилган.

“Ўзбекистон собиқ Совет Иттифоқидаги пенсия ёши энг паст республика бўлиб, унда аёллар 55 ёшдан, эркаклар 60 ёшдан пенсияга чиқади. 1990 йиллардаги ислоҳотлар даврида кўплаб мамлакатлар пенсия ёшини 2-3 йилга оширганди. 2000 йилларнинг иккинчи ўн йиллигида ўсишнинг иккинчи тўлқини бошланди, чунки мамлакатлар узоқ вақтдан бери кечиктирилган пенсия ёшидаги ислоҳотларни бошлаганди (Украина, Беларусь, Россия)”, — дейилади ҳисоботда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда ҳам мамлакатда пенсия ёшининг оширилиши тўғрисида хабарлар тарқалганди. Ўшанда Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори ўринбосари журналистлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда Давлат пенсия таъминотини ислоҳ қилиш концепциясида пенсия ёши асосий масала сифатида кўрилаётгани йўқлиги айтган эди.