Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирида 11-синф ўқувчиси ўзини учинчи қаватдан пастга ташлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов мазкур ҳолат ўрганилаётганини маълум қилди.
“Яшнобод туманидаги мактабда 11-синф ўқувчиси 3-қаватдан пастга тушиб кетгани ҳақидаги хабар ўрганилмоқда. Натижалари ҳақида батафсил маълумот берилиши таъминланади”, деб ёзади Бош прокуратура воизи.
Тарқалган ахборотга кўра, воқеа Яшнобод туманидаги 289-мактабда содир бўлган. Ўғил бола экани айтилаётган ўқувчи ўзини мактаб биносининг 3-қаватидан ташлаган. Шундан сўнг, у тез ёрдам машинасида шифохонага олиб кетилган.
Келтирилишича, мазкур воқеа бугун, 14 апрель куни тахминан соат 10:15 ларда Бектемир туманидаги 289-сонли умумтаълим мактабида содир бўлган. Катта танаффус чоғида 11-синф ўқувчиси С.А. мактабнинг ички бино қисми 3-қавати ойнасидан ташқарига қараганида ўз мувозанатини йўқотган ва пастга тушиб кетган.
Шундан сўнг, ўқувчилар бу ҳақда мактаб маъмуриятини хабардор қилган. Мактаб ҳамшираси ўқувчи С.А.га биринчи тиббий ёрдам кўрсатган, сўнгра у шифохонага етказилган. Айни пайтда С.А.нинг саломатлиги яхши ва жароҳат олмаган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.