Офшорларга қонуний тирқиш очиш масаласи ташаббускори ким?

Дастлабки лойиҳада йўқ бўлган таклиф қонунга қўшилмоқда: Бенефициарлари офшорда рўйхатдан ўтган норезидентлар ҳам ўзбек банкларини сотиб олиши ва банк очиши мумкин бўлади, деб ёзмоқда иқтисодчи Отабек Бакиров.

Унинг қайд этишича, амалдаги Банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунга кўра, (офшор зоналар) давлат ёки ҳудудда рўйхатдан ўтган норезидентлар, иштирокчилар (акциядорлар) ва якуний бенефициар эгалари банкнинг таъсисчилари ва акциядорлари бўлиши мумкин эмас. Лекин бу чеклов офшордаги айрим тоифалар учун бекор қилинмоқда.

Бунинг учун ўша офшор норезидентлар хорижий давлатлар ва халқаро институтлар томонидан тан олинган банк эгалари бўлса кифоя. Қанақадир бошқа мезонлар очилмаган.

Қизиқ тарафи, аввал-бошда таклиф этилган Қонунга ўзгартиришлар лойиҳасида фақат устав капитали энг кам миқдори оширилиши билан боғлиқ масала ўрин олганди.

Қуйи палатада қишда лойиҳа биринчи ўқишда кўриб чиқилгандаям банк очишда ва акциядор бўлишда офшорларга рухсат бериш хақида сўз очилмаган.

Офшорларга қонуний тирқиш очиш масаласи ташаббускори ким бўлгани ва бу қачон рўй бергани аниқ эмас. Ҳарқалай, Марказий банк таклиф этган Лойиҳада бу йўқ эди.

Ўзбекистон йирик давлат активларини фаол “хусусийлаштирмоқда”. Охирги сўзни яна қўштирноққа олганимиз бежизга эмас. Саволли хусусийлаштириш сабаблари ва унинг оқибатлари ҳақида жуда кўп ёзилди. Банклар капиталига офшор илдизли субъектларнинг кириб келишига тирқиш очилиши сопини ўзидан чиқариш тарзидаги “ўзбекча хусусийлаштириш” жараёнини янада кенгайтиради. Балки мақсад ҳам шудир.