Инсон организмининг асосий қисми сувдан ташкил топгани ҳеч кимга сир эмас. У сўлак ажралиши ҳамда ҳазм жараёнида фаол иштирок этади, танани кислород билан таъминлайди, ҳужайралар саломатлигида муҳим рол ўйнайди. Пешоб ва тер ажралиши орқали организмдан ортиқча нарсалар чиқиб кетишига кўмаклашади.
Шифокорлар ҳам репродуктив саломатликни тиклаш учун, айниқса, озиш истагида бўлганларга турли газли, ширин ичимликлар ўрнига сув ичишни тавсия этади. Бироқ сув ичишнинг ўз тартиб-қоидалари бор. Агар одам жуда кўп миқдорда ва тартибсиз сув ичса, сувдан зарарланиши, комага тушиб қолиши ва ҳатто бу ўлимга ҳам олиб келиши мумкин. Бу ҳақида қуйидаги мақола орқали билиб оласиз.
Бош оғриғи, кўнгил айниши – сувдан зарарланишни сабаб ва оқибатлари
Мутахассисларнинг фикрича, кунлик сув ичиш нормаси 2-3 литр атрофида бўлиши керак. Бироқ орамизда ортиқча сув истеъмоли туфайли соғлиғида жиддий муаммоларга дуч келганлар ҳам йўқ эмас. Бу жараён буйракларни “қайта ишлаши” мумкин бўлган миқдоридан кўп ёки қисқа вақт ичида катта ҳажмда сув ичганда юз беради.
Бунинг натижасида эса мия фаолиятининг бузилиши, қондаги электролитларни, айниқса, натрийни суюлиб кетиш ҳолати вужудга келади. Шифокорлар буни гипонатремия деб аташади. Гипонатремияда ортиқча суюқликнинг ҳужайралар ичида ҳаракатланишига ва уларнинг шишишига олиб келади.
Мазкур жараён мия ҳужайралари билан содир бўлганда, марказий асаб тизимининг дисфункциясига олиб келиши мумкин. Масалан, агар одам қисқа вақт ичида 3-4 литр сув ичса, гипонатремия белгилари ривожланиш эҳтимоли бор. Маълумот учун, буйраклар соатига 800-1000 миллилитр сувни “қайта ишлаши” мумкин.
Унинг бирламчи аломатлари бош оғриғи, кўнгил айниши бўлса, жиддий аломатларига уйқучанлик, мушакларнинг кучсизланиши, қон босими кўтарилиши, нафас олишдаги қийинчиликлар мисол бўла олади.
Кимлар кўпроқ азият чекади?
Кундалик ҳаётимизда нотўғри сув ичиш оқибатида аҳволи оғирлашган ёки вафот этган инсонларни деярли учратмаймиз.
Чунки одам электролитлар йўқотилишини тўғри ҳисобламасдан кўп сув ичсагина ушбу ҳолат содир бўлиши мумкин. Гипонатремия кўпинча профессионал спорт билан шуғулланувчи, мунтазам ҳарбий машғулотларда қатнашадиган ёки турли руҳий касалликларга, хусусан, шизофрения билан оғриган одамларда содир бўлиш эҳтимоли юқори.
Мисол учун, Бостон марафонида қатнашган 488 иштирокчининг 13 фоизида гипонатремия белгилари ва 0,6 фоизида эса натрий миқдори 120 ммол/л.дан кам бўлиш ҳолати қайд этилган.
Олдини олиш учун нима қилиш керак?
Шифокорлар ҳар бир инсон ўз ҳолатидан келиб чиқиб, вазнига қараб сув истеъмол қилиши кераклигини таъкидлашади. Ўрта ҳисобда эса аёллар кунига 1,7 литр, эркаклар 3,7 литр сув истеъмол қилиши тавсия қилинади. Сувни кам-камдан кун давомида ичиш эса танани тўлиқ намлантириш имконини беради.
Шунингдек, хона ҳароратидаги сувни ичиш орқали организм тана ҳароратига мослашиш учун энергия сарфламайди ва организм совуқ сувдан ҳам кўпроқ намланади. Бироқ кўпчилик қанча сув ичганини унутиб қўйишидан шикоят қилади. Бунинг энг самарали ва осон ечими бир марталик бўлмаган идишга керакли сувни солиб, кун давомида фақат ўша идишдан сув ичишдир.