Ўзбекистонликларга борадиган SMS учун бюджетдан 1,7 млрд сўм ажратиляпти

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қошидаги Ахборот технологиялари маркази томонидан ўтказилган «ғолиб томонидан буюртмачи маълумотларидан фойдаланиб шакллантирилган бизнес маълумотларни абонентларга SMS-хабарлар кўринишида етказиш хизматлари»ни кўрсатишга доир тендер якунланди.

Жорий йил 6 апрель куни якунланган тендер натижаларига кўра, икки талабгордан бири – «Play mobile» МЧЖ ғолиб деб топилган.

Шу тариқа мазкур фирма вазирликнинг 2023 йилда аҳолига SMS-хабарномалар юбориш хизматини бажаради. Бу учун фирма битта SMS-хабарномага 40 сўм нарх кўрсатиб, йил давомида 44 миллонта SMS-хабарнома жўнатишни ташкиллаштириш назарда тутилган лотни ютиб олди.

Вазирлик эса бу хизматлар учун фирмага бюджетдан 1 млрд 670 млн сўм ўтказиб беради.

Тендерда иккинчи иштирокчи – «Orzu mobile» МЧЖ эса «ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш тажрибаси» етмагани боис ютқазган.