Сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда америкалик машҳур санъаткорлар Drake ва The Weeknd овозларини клонлаш орқали яратилган қўшиқ ижтимоий тармоқларни “портлатди”. Бу ҳақда BBC хабар берди,
“Heart On My Sleeve” деб номланган трек The Weeknd’нинг собиқ севгилиси, машҳур поп юлдузи ва актриса Селена Гомез ҳақида.
“Бу сунъий интеллект томонидан яратилган мусиқанинг биринчи намунаси бўлиб, мени ҳайратда қолдирди”, деб ёзган сунъий интеллект лойиҳалари устида ишлаётган Маккей Ригли Twitter’да.
Қўшиқ 14 апрель куни эълон қилинган. Шундан бери тарона TikTok’да 8,5 миллион мартадан кўпроқ кўрилган. Трекнинг тўлиқ версияси эса Spotify’да 254 000 марта эшитилган.
Қўшиқ такрорланувчи пианино фигураси билан бошланади. Бироқ у мукаммал эмас. Қўшиқда демо версияга ўхшаш паст сифатли вайб мавжуд, шунингдек, вокал ҳам баъзан хиралашган. Айтишларича, бу сунъий интеллектнинг дастлабки ишидаги камчиликлар бўлиши мумкин.
Ҳозирда ҳеч бир санъаткор мазкур қўшиққа муносабат бермаган, бироқ Drake яқинда унинг овози клонланганидан норозилигини билдирган.
Франциялик DJ David Guetta эса технологиядан фақат восита сифатида фойдаланиш кераклигини айтяпти.
“Ҳеч нарса ҳақиқий санъатнинг ўрнини боса олмайди. Санъаткорни ифодалайдиган жиҳат шундаки, унда маълум бир дид, у намоён этмоқчи бўлган маълум бир ҳис-туйғу бўлади ва бунинг учун эса у барча замонавий асбоблардан фойдаланади”, дейди DJ.
Технологиянинг тез ўсиши мусиқа саноатини ҳайратда қолдирди. Масалан, «Heart On My Sleeve» муаллифлик ҳуқуқини бузмайди, чунки у бутунлай оргинал композиция бўлиб кўринади.