Афғонистондаги Муваққат ҳукумат – “Толибон” томонидан тузилган Таълим вазирлиги мамлакат жанубидаги Қандаҳор ва Ҳилманд вилоятларидаги барча хусусий таълим муассасаларини ёпди. Бу ҳақда Қандаҳор таълим департаменти вакили Вакил-Аҳмад Мутаваккилга таяниб, “Tolonews” телеканали хабар берди.
Аҳмад Мутаваккилнинг айтишича, уларнинг идораси Таълим вазирлигидан Қандаҳордаги барча хусусий маҳаллий таълим муассасаларида дарсларни тўхтатиш бўйича хат олган.
Мактубга кўра, Таълим вазирлиги томонидан Қандаҳор ва Ҳилманддаги барча таълим муассасаларининг лойиҳалари ва фаолиятини кўриб чиқиш учун делегация тайинланган. Шу мақсадда ушбу вилоятларнинг таълим бўлимларига нодавлат таълим муассасалари фаолиятини тўхтатиш буюрилган.
“Хавотирланадиган ҳеч нарса йўқ. Ушбу бўлимдаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича музокаралар давом этмоқда”, дейди Мутаваккил.
“Tolonews” манбаларига кўра, баъзи нодавлат ташкилотлар мамлакатнинг чекка ҳудудларидаги қизлар ва ўғил болалар учун маҳаллий таълим дарсларини бера бошлаган.
Ҳозирда мамлакатдаги 34 та вилоятда 178 та хусусий, 118 та маҳаллий ва 60 та хорижий ташкилот фаолият кўрсатмоқда.
Маълумот учун, “Толибон” 2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, мамлакат фуқаролари, айниқса, қизлар ва аёлларнинг турли даражаларга киришини доимий равишда чеклаб қўйган.
Масалан, 2021 йил август ойидан бошлаб 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабларда таълим олишига тақиқ жорий қилинган. Ўтган йилнинг декабрь ойидан буён қизларга олий ўқув юртларида ўқиш тақиқланган.