Аргентинада денге иситмасига чалинган 40 дан ортиқ одам вафот этди, 60 мингдан ортиқ одам касалликни юқтириб олган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълум қилинишича, инфекция чивинлар орқали тарқалади. Денге иситмаси одатда тўсатдан иситма, бош оғриғи, миалгия, артралгия ва умумий лимфаденопатияга олиб келади, сўнгра такрор иситмадан кейин тошма пайдо бўлади.
Бундан ташқари йўтал, тонзиллит ва ринорея каби нафас йўлларининг инфекциялари, қон кетиши ва шокка сабаб бўлувчи геморрагик иситманинг ўғир ҳолатлари кузатилиши мумкин. Ташхис серологик тест ва полимераза занжири реакциясини ўз ичига олади. Касалликдан даволаниш симптоматик ва геморрагик иситма ҳолатида трансфузион терапиядан иборат.
Аргентина Соғлиқни сақлаш вазирлиги касалликка чалиниш ҳолатлари барқарорлаша бошлаганини айтмоқда. Биологлар лабораторияларда минглаб эркак чивинларни нурлантирмоқда, бу уларнинг авлодлари келажакда ДНК шикастланиши туфайли яшамаслигига олиб келади. Мақсад денге иситмаси тарқалишининг олдини олиш учун радиация таъсирига учраган чивинларни доминант турга айлантиришдан иборат.
Аргентинанинг Чили ва Боливия билан чегараларига яқин жойлашган шимоли-ғарбий Салта, Тукуман ва Жужуй вилоятларида энг кўп ўлим ҳолатлари қайд этилган.
Аргентина Соғлиқни сақлаш вазирлиги одамларни чивинларга қарши кураш чораларини кучайтиришга, жумладан, эшик ва деразаларга чивинга қарши тўрлардан, ҳашаротларга қарши воситалардан фойдаланиш ва чивинлар кўпайиши мумкин бўлган ҳар қандай сув идишларини олиб ташлашга чақирган.