Ўзбекистонда “Малла” номли янги пиёз нави яратилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, вазирлик ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти Андижон илмий-тажриба станциясида пиёзнинг “Малла” номли нави яратилган. Янги пиёз навининг уруғи мартнинг дастлабки ўн кунлигида 15 сотих ер майдонига 10-12 килограмм миқдорида сепилади.
Пиёзбошлар гилос катталигида бўлганидан кейин териб олиниб, қуритилади ва алоҳида жойга олиб қўйилади. Сентябрь ойининг бошида эса пиёзбошлар 70×10 схемада 4 қатордан гектарига 571,4 минг дона экилади. Экилганидан сўнг бир марта суғорилади ва пиёзлар кўкара бошлайди.
Совуқ кунларда етиштирилгани учун пиёзларни ўташ шарт бўлмайди. Боиси, зараркунанда ўсимликлар совуқда ўз-ўзидан нобуд бўлади. Янги навнинг бошқа турлардан фарқи шундаки, у бир ой олдин пишиб етилади ва апрель ойи ўрталаридан бошлаб аҳоли истеъмоли учун етказиб берилади.
Шунингдек, Андижондаги тажриба станциясида саримсоқпиёз ҳам экиб етиштирилаётгани маълум қилинган.