Ҳиндистоннинг Панжоб штатида жойлашган Гяспур шаҳридаги заводда номаълум газ сизиб чиқиши оқибатида 11 киши ҳалок бўлди, 9 киши жароҳатланди.
Бу ҳақда Ҳиндистоннинг ANI ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Ҳалок бўлганлардан икки нафари шифохонада вафот этгани айтилмоқда. Ҳодиса қурбонлари орасида 10 ва 13 ёшли икки нафар вояга етмаганлар, беш нафар аёл ва тўрт нафар эркак бор.
Табиий офатларга қарши кураш миллий хизмати, шунингдек, ўт ўчирувчилар ва тиббиёт ходимлари аллақачон воқеа жойида ишламоқда. Ҳозирда фавқулодда хизматлар маҳаллий аҳолига ёрдам кўрсатмоқда, ҳодиса сабабларини аниқлаш билан ҳам шуғулланмоқда.
Панжоб штати раҳбари Бҳагвант Манн воқеада ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган.