«Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти матбуот эркинлиги бўйича 2023 йил учун йиллик ҳисоботини эълон қилди. Ушбу рейтингда Россия 180 та мамлакат орасида 164-ўринни эгаллаган, бир йил аввал у 155-ўринда эди. Ҳарбий ҳолат ва у билан боғлиқ ахборот тарқатиш бўйича чекловлар амал қилаётган Украина йил давомида рейтингда 106-ўриндан 79-ўринга кўтарилган.
Рейтингда етакчи ўринларни Норвегия, Ирландия, Дания, Швеция, Финляндия давлатлари эгалламоқда. Сўнгги ўринларни эса Шимолий Корея, Хитой, Вьетнам, Эрон, Туркманистон, Сурия давлатлари банд қилган.
Ўзбекистон 45,73 балл билан 137-ўринда қайд этилган. Шунингдек, минтақа давлатлари ичида Қирғизистон 49,91 балл билан 122-ўринни, Қозоғистон 45,87 балл билан 134-ўринни, Тожикистон 39,6 балл билан 153-ўринни эгаллаган. Қайд этиш керак, ўтган сафарги рейтингда (https://t.me/fayzboguz/20027) Ўзбекистон 45,74 балл билан 133-ўриндан жой топган эди, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон эса мос равишда 72, 122 ва 152-ўринни банд қилган.
Маълумотларга кўра, рейтингга киритилган 180 та давлат ва ҳудуддан 31 тасида матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият «жуда оғир», 42 та давлатда вазият «қийин», 55 тасида «муаммоли», 52 тасида эса «яхши» ёки «қониқарли». Бошқача айтганда, дунёдаги ҳар ўнта давлатдан фақат учтасида журналистлар фаолияти учун қониқарли шароитлар яратилган.