Миллий гвардияга маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга доир айрим ваколатлар берилмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонунда келтирилган.
Таъкидланишича, Миллий гвардия органларига ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, давлат объектларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш, жамоат тартибини сақлаш, жамоат жойларида патруллик қилиш каби вазифалар юклатилган.
Шу билан бирга, амалиётда мазкур вазифаларни тўлақонли амалга ошириш ҳамда хизматни ўташ давомида аниқланган ҳуқуқбузарликларга нисбатан ўз вақтида чоралар кўриш учун Миллий гвардияга маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга доир айрим ваколатларни бериш зарурияти юзага келмоқда.
Маълум қилинишича, Миллий гвардия органлари томонидан жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича 2022 йилда амалга оширилган ишлар натижасида ноқонуний сақланган 44 та пневматик ва ов қуроли, 3202 дона ўқ-дори олиб қўйилган.
Урғуланишича, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимларига юқорида кўрсатиб ўтилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш (баённома тузиш) ваколати берилмагани сабабли юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органларга ҳал этиш учун юборилган. Бу ўз навбатида ортиқча ҳужжат айланиши ва энг асосийси фуқароларнинг сарсон бўлишига олиб келган.
Шу муносабат билан Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилган.
Мазкур қонун билан Миллий гвардия органларининг ходимларига майда безорилик, қуролдан белгиланган тартибни бузган ҳолда фойдаланиш, совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юришга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш, баённомалар тузиш ва уларни кўриб чиқиш учун судга юбориш юзасидан қўшимча ваколатлар берилмоқда.
Қолаверса, бу каби ваколатлар вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш, тиланчилик қилиш ҳамда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш ҳолатларида ҳам амалга оширилади.
Бунда мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш ваколати ички ишлар органларида ҳам сақланиб, ҳуқуқбузарлик Миллий гвардия ходимлари томонидан аниқланган тақдирда уларга жарима жазосини қўллаш ҳуқуқи берилмоқда.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда қонунийликни таъминлаш ва асоссиз жавобгарликка тортиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Миллий гвардия органлари номидан Қонунда кўрсатилган бошқарма (бўлим) бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни қўриб чиқишга ва жарима жазосини қўллашга ҳақли эканлиги белгиланмоқда.
Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга юқорида келтирилган ўзгаришлар киритилиши муносабати билан жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар бўйича Миллий гвардия органларига ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ҳуқуқи берилмоқда.
Ушбу қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.