Американинг “Global Finance Magazine” нашри дунёнинг энг бой давлатлари рейтингини тузиб, унга 185 та давлатни киритди. Мазкур рейтингда Марказий Осиёнинг беш давлати ҳам мавжуд бўлиб, Ўзбекистон унда Қозоғистон ва Туркманистондан кейинги ўринда жойлашган. Бу ҳақда “Forbes.kz” хабар берди.
Нашрнинг маълум қилишича, рўйхат Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси маълумотлари асосида тузилган. Унда аҳоли жон бошига сотиб олиш қобилияти паритети (тенглиги) ҳисобга олинган. Шунингдек, яшашнинг нисбий қиймати ва мамлакатлардаги инфляция даражаси инобатга олинган.
Қозоғистон бу рейтингда 50-ўринни эгаллаган. Туркманистон 77-ўрин билан иккинчи поғонада, Ўзбекистон эса нисбатан пастроқда – 127-ўринда қайд этилган. Қирғизистон 142-ўрин ва Тожикистон 153-ўринда жойлашган.
Қатар дунёнинг энг бой давлати деб топилган. Иккинчи ўринда Люксембург, учинчи ўринда эса Сингапур келтирилган. Энг камбағал давлатлар қаторида Малави, Конго ва Марказий Африка Республикаси кўрсатилган.