Қашқадарёда қабристон ерларини пуллаган мансабдорлар аниқланди

Қашқадарё вилоятида қабристон ҳудудига тегишли бўлган ерларни ноқонуний тартибда сотган мансабдор шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, Косон тумани ер майдонларини бериш (реализасия қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссия мансабдор шахслари қонун талабларига зид равишда, туман марказида жойлашган “Эшони Косон” қабристони ҳудудидан фуқаро ва тадбиркорларга 0,33 гектар ер майдонини ноқонуний ажратиб берган. Ушбу қабристонга тегишли ер майдонида “Кушхона”, “Савдо дўкони” ва “Омборхона” бинолари қурилишига йўл қўйиб, 146 млн сўм миқдорда зарар етказилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.