Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида ёш келин 1 яшар фарзандини ўлдириб, сўнгра ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, воқеа жорий йилнинг 6 май куни соат 12:40 ларда “Раваллиқ” маҳалласи Ҳасанкал қишлоғида содир бўлган. Мазкур қишлоқда яшаган 1998 йилда туғилган келин Ш.Х. яшаган уйи ҳовлисида жойлашган ҳожатхона тўсинига ўзини осиб, жонига қасд қилган.
Ҳолат масъуллар томонидан ўрганилганда келин аввал фарзанди А.О.ни ўлдириб, сўнг ўзини осгани аниқланган. 2022 йилда туғилган гўдак А.О.нинг қорин соҳасига 2 марта ошхона пичоғи билан санчилган ҳолатда жасади топилган.
Ўрганиш давомида Ш.Х. шу манзилда яшовчи турмуш ўртоғи Ш.Н.га қўнғироқ қилиб, ўзини осиб ўз жонига қасд қилаётганлигини маълум қилган. Ш.Н. шу маҳаллада яшовчи амакисига қўнғироқ қилиб, турмуш ўртоғи Ш.Х. яшаш уйида ўзини осаётганлигини айтган. Амакиси Ш.Н.нинг яшаш уйига борган вақтида Ш.Х. ҳожатхонада ўзини осиб қўйганлигини кўриб, кейин хабар қилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ўрганиш ишларини давом эттираётгани айтилган.
Аёл нима сабабдан бу жиноятларга қўл ургани ошкор қилинмаган.