Умра зиёрати маълум муддатга тўхтатилгани хабар қилинди

Саудия Арабистонида 2023 йилги Ҳаж мавсуми бошланиши муносабати билан Умра зиёрати бир муддатга қолдирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Умра зиёратлари Ассоциацияси маълум қилди

Ассоциация вакилининг айтишича, Саудия Арабистони Подшоҳлиги 5 майдан Умра сафарига виза беришни  тўхтатган.

“Доимий тартиб шундай. Умра сафарига виза берилиши Муҳаррам ойигача яъни 20 июлгача тўхтатилган. Бу ҳақда Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги расман эълон бермаган бўлса-да, амалда виза бериш тўхтатилди”, — дейилади Ассоциация ахборотида.

Қўшимча қилинишича, 15 майдан эътиборан Макка шаҳрига кириш ҳам расман тўхтатилади ва фақатгина Маккада яшаш рухсатномаси бор инсонларгина шаҳарга киритилади.

Маълумот учун, 2019 йилда 2,6 миллионга яқин киши Ҳаж зиёратини адо этган. Бироқ пандемия фонида қироллик расмийлари 2020 ва 2021 йилларда фақат чекланган миқдордаги зиёратчиларга, 2022 йилда эса 1 миллион кишига Ҳажга келишга рухсат берган. Шу билан бирга, 2022 йилда фақат 18 ёшдан 65 ёшгача бўлган, тўлиқ эмланган ёки коронавирусга қарши иммунитетга эга, сурункали касалликлари бўлмаган шахслар Ҳаж зиёратини адо этиши мумкин эди. Кейинчалик бу чеклов олиб ташланди.

2022 йилда Ўзбекистонда 12 минг 45 нафар зиёратчи Ҳаж амалларини, 61 мингдан ортиқ зиёратчи Умра амалларини адо этган. Жорий йилги рамазон ойида 1400 нафар кам таъминланган фуқаро умра зиёратига юборилган.