Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган видеони кўргандирсиз. Бошловчининг « Конституцияда нечта модда бор» деган саволига бир киши «Билмасам, сиёсатга қизиқмайман» деб жавоб беряпти. Бу манзара кимларгадир кулгули туйилди, жуда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди ҳам. Аслида эса бу ҳолат «сиёсатга аралашмайдиган» қилиб тарбияланган халқимизнинг аксидир.
Умри давомида бу жумлани эшитмаган бирор одам бўлмаса керак. Бир гап бошласанг, сиёсатга аралашма, қўй, болам деган гапни эшитамиз. Лекин сиёсат билан шуғулланмаслигингиз мумкин, сиёсат сиз билан шуғулланади. Ушбу иборани биринчи марта Перикл, кейинчалик Бисмарк ва бошқа қатор машҳур файласуфлар ишлатган. Қанча давр ва замонлар ўтмасин, айнан шу ибора ҳозир ҳам долзарб.
«Сиёсатга аралашма», дейдиганлар одатда сиёсат нималигини билмайди. Сиёсат шахсимиз атрофида ташкилланаётган ҳаёт. Бизга тегишли бўлган ҳаёт. Сиёсат одамлар учун бор. Одамларсиз сиёсат бўлмайди. Одамлар қатнашмайдиган ва қизиқмайдиган сиёсат одамларга зарар келтиради, холос. Чунки озчилик ҳеч қачон кўпчиликнинг талаб ва истакларини тўлиқ англолмайди. Кўпчилик гапирмагунча, қизиқмагунча, фикр билдирмагунча озчиликнинг эътиборини қозона олмайди.
Шунинг учун , сиёсатдан қўрқиш ўрнига уни ўрганишни бошлаш керак. Бизга сайловлар нима учун керак, референдумга қанчалик ҳожат бор эди, қандай ҳуқуқларимиз бору, нималар мумкин эмас? Афсуски, кўпчилик Парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар нима учун кераклигини, жиноий жавобгарлик билан маъмурий жавобгарликнинг фарқини, Конституция неча модадан иборат эканлигини, Меҳнат кодексидаги ҳақ-ҳуқуқларини билмайди. Аҳоли асосан сиёсатдан йироқ сиёсий саводхонлиги паст ва уни оширишга эҳтиёж ҳам сезмайди. Нега?
Негаки одамлар сиёсатга ишонмай қўйди. Сиёсатга қизиқиш-да сўнди. Хонадоннинг биттагина вакили бутун бошли оила учун сайлов участкасида ўтирган қай бир валламат кўрсатган номзодга овоз берди. Бирор танқидий гап айтган одамнинг шу заҳотиёқ оғзига урилди. «Билдим нимаю, билмадим нима?», «Нима фарқи бор?», «Фойдаси йўқ»… Шунақа жавоблар…
Одамларимиз «сиёсатга аралашиш, сиёсатни билиш ўзининг келажаги ҳақида қайғуришдир» деган фикрдан йироқ. Чунки шу пайтгача у на ўзи «сайлаган» депутатнинг ва на ўзи сайлаган Парламентнинг кучини кўрди. Улар халқнинг ҳаётига, келажагига доир муҳим қарорларда халқ томон бўлмадилар, умуман, бор-йўқлари билинмади. Одамлар йўл ҳаракати қоидаларини ўрганяпти, гаджетлардан фойдаланишни ўрганяпти, ишлашга бораман деб чет тилию хориж меҳнат қонунчилигини ҳам ўрганяпти… Лекин сиёсатга бефарқ.
Ғарб давлатлари демократиясига эътибор берсак, фуқароларда «сиёсатга аралашиш» бу қадрият ва бурч. Улар буни сиёсий институтларга таъсир ўтказиш (сайлов ва турли кампанияларда қатнашиш) орқали амалга оширишади. Парлементдаги вакилларига ёки сайлаган мулозимлари қарорларига таъсир ўтказишади. У ерларда «агар ўзгариш истасанг, овоз бер» деган ғоя мавжуд. Биз ҳам жамиятимиздаги жуда кўп муаммоларга ечим истаймиз, яхши томонга ўзгариш бўлишини хоҳлаймиз. Шуларга эришиш учун эса сиёсатга аралашишимиз шарт ва зарур.
Биз эса «Қўй болам, сиёсатга аралашма» деймиз, аммо ойлик камлигидан нолиймиз.
«Қўй болам, сиёсатга аралашма» деймиз, аммо ишсизликдан нолиймиз.
«Қўй болам, сиёсатга аралашма» деймиз, аммо фарзандларимизни Россияга жўнатамиз.
«Қўй болам, сиёсатга аралашма» деймиз, аммо сиёсатдан нолиймиз.
Шахруза Сатторова