Бухородаги чўлда 3 нафар эркак бир аёлга куч ишлатиб, уни жинсий алоқа қилишга мажбурлади

Ижтимоий тармоқларда бир аёлни бир неча шахслар куч ишлатиш йўли билан зўрламоқчи бўлаётганликлари акс этган видео тарқалди.

Ушбу ҳолат Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганилганда аниқланишича, 2023 йилнинг 30 март куни соат тахминан 13:00 ларда Ғиждувон тумани «Сармижон» маҳалласида яшовчи, 1994 йилда туғилган Д.Б. таниши шу маҳаллада яшовчи, 1991 йилда туғилган С.Г. исмли аёлни туманнинг «Қорахони» маҳалласи «Жилвон» чўл ҳудудига олиб бориб, унинг эркига зид равишда жинсий алоқада бўлиб, ўзи билан бирга борган шериги томонидан ҳолатни видео тасвирга олиб, ушбу видео тасвир орқали уни ўзига қарам қилиб, ёнида бўлган бошқа 3 нафар танишлари билан ҳам жинсий алоқада бўлишга мажбур қилган.                

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 121-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, иш юзасидан гумон қилинувчи 3 нафар шахслар Ўзбекистон Республикаси ЖПК. нинг 221-моддаси тартибида ушланиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

“Ҳурматли фуқаролар, ижтимоий тармоқ кузатувчилари, ОАВ вакиллари, мустақил журналист ҳамда блогерлар!

Унутманг, “шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш” жиноий ҳодиса сифатида тавсифланиб Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 141/3-моддаси билан жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Бундан ташқари юқоридаги каби ҳолатларни ОАВ ёки ижтимоий тармоқларда эълон қилиш дастлабки терговнинг ҳаққоний, одилона ва тўлиқ олиб борилишига халал бериши, ўзингиз билмаган ҳолда сир тутилиши мумкин бўлган тергов ҳаракатларини ошкор қилишингиз эса далилларнинг йўқотиб юборилишига сабаб бўлиши мумкин.

Шундай экан бу каби ҳолатлар юзасидан қўлингизга келиб тушган ҳар қандай маълумотнинг ҳаққонийлигини текшириш, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан суриштирув ёки дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги юзасидан белгиланган тартибда мурожаат қилиб ёхуд ички ишлар органларининг Ахборот хизматлари орқали маълумот олишингиз мумкинлигини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.