Туркиядаги сайлов давомида 3 киши ўлди

Туркиянинг турли вилоятларида сайлов участкаларида уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда бугун, 14 май куни TRT телеканали хабар берди.

Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ватани Ризе вилоятида ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партиясининг сайлов комиссияси аъзоси 64 ёшли Шереф Курт ҳушидан кетган ва сайлов қутисига қулаб тушган. Шифокорлар келгунига қадар фуқаролар унга ёрдам беришга ҳаракат қилган. Касалхонада эса шифокорлар унинг ўлганини эълон қиган.

Ризега қўшни Трабзон вилоятидаги Акчабаат туманида 75 ёшли Айсел Улусой сайлов участкасидаги овоз бериш кабинасида ўзини ёмон ҳис қилган. У ҳушини йўқотди. Шифокорлар унинг юрак хуружидан ўлганини эълон қилган. Трабзон яқинидаги Гиресун вилоятида эса 85 ёшли сайловчи сайлов қутиси ёнида бирдан ҳушидан кетган. Докторлар ёрдамига қарамай, уни сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. У ҳам юрак хуружидан вафот этган.

Бундан ташқари, Шанлиурфа вилоятида турли сиёсий қарашлар сабаб икки маҳаллий клан аъзолари ўртасида оммавий муштлашув келиб чиққан. Оғзаки жанжал тезда тош ва таёқлардан фойдаланган ҳолда жисмоний тўқнашувга айланган. Аммо асосан жанговар машиналарга зарар етган. Жиддий қурбонлар бўлмаган.

Мерсин шаҳрида эса сайлов участкаларидан бирида турли президентликка номзодларнинг икки тарафдори ўртасида муштлашув келиб чиққан. Кичик муштлашувдан сўнг посбонлар рақибларни ажратиб олган.

Шунингдек, Кожаэли вилоятида сайлов участкасига кираверишда муштлашув келиб чиққан. Бунга овоз беришни хоҳловчилар тирбандлиги сабаб бўлган. Полиция фуқароларни тинчлантириб, тиббий ёрдамга муҳтожлар учун тез ёрдам чақирган.

Маълумот учун, бугун, 14 май куни Туркиянинг 81 вилоятида президентлик ва парламент сайловлари учун сайлов участкалари очилди. Улар маҳаллий вақт билан 17:00 гача (Тошкент вақти билан 19:00) ишлайди. Республика ва хорижда жами 191 884 та сайлов қутилари ўрнатилган. 64 миллион Туркия фуқароси овоз бериш ҳуқуқига эга.