Украина Олий суди раҳбари Всеволод Князев қарийб уч миллион доллар пора олаётган пайтда ушланди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларга таяниб, “Украинская правда” хабар бермоқда.
Ушбу маълумотни Украина президенти офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Сергей Лешченко ҳам тасдиқлайди. Унга кўра, пора миқдори 2,7 миллион долларни ташкил қилган.
Украина Миллий коррупцияга қарши бюроси ва Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратураси тафсилот келтирмасдан маълум қилишича, улар “Украина Олий судидаги йирик коррупцияни, яъни Олий суд раҳбарияти ва судьялари томонидан номақбул фойда олиш схемасини” фош қилган.
Муассаса фақат диванда ёйиб қўйилган доллар купюралари суратини эълон қилди.
“Страна” нашри манбалари Князев миллиардер ва Олий Раданинг собиқ депутати Константин Жевагодан пора олганини даъво қилмоқда. Украина ҳукумати унга қарашли “Молия ва кредит” банкининг банкротлиги бўйича текширув ўтказмоқда ва Францияда бўлиб турган тадбиркорнинг экстрадициясини талаб қилмоқда.
“Страна” суҳбатдошларининг айтишича, ҳозир Украина Олий судининг жами 18 нафар судьяси тинтув остида.