Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримовнинг ўғли Пётр Каримов рафиқасини ургани учун қўлга олинди. У полиция томонидан қўйиб юборилгач, ғойиб бўлди. Бу ҳақда “Известия” хабар берди.
Маълум қилинишича, эр-хотин ўртасидаги жанжал Москва вилоятидаги кўп қаватли уйда содир бўлган. Пётр Каримов хотини Юлия Сметанкинани бир неча бор калтаклаган. Аёл энг яқин шифохонага олиб кетилган. Шифокорлар аёлга қорин бўшлиғи жароҳати, мия чайқалиши ва қон кетиши ташхисини қўйган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Каримовни сўроққа тутиб, кейин қўйиб юборган, ҳозирда унинг ғойиб бўлгани айтилмоқда. Юлия Сметанкина хавотирда экани ва эрининг йўқолгани юзасидан ариза ёзмоқчилигини билдирган.
Аёлнинг айтишича, жанжал пул сабабли бошланган. Пётр маст ҳолда уйга келиб, хотинидан Тошкентга чипта ва меҳмонхона учун пул талаб қилган. Юлия етарли пули йўқлигини айтган. Пётр хотинига бақириб, унинг бошига телефон билан урган. Сметанкина илгари эри унга ҳеч қачон қўл кўтармагани, эр-хотин 3 йиллик турмушида ҳеч қачон бунчалик қаттиқ жанжаллашмаганини айтган.
Каримовнинг рафиқасига кўра, Пётрнинг сўнгги йиллари омадсизликлар билан ўтган. Аввалига у ўз ватанида пул учун алданган, кейин Россияда унинг омонатлари сақланган банк “куйиб кетган”.
Бундан ташқари, Москвада ўзини адвокат сифатида таништирган фирибгар фуқароликни олишда ва банкдаги пулларни қайтаришда ёрдам беришини айтиб, собиқ президентнинг ўғлидан 6 миллион 270 минг рубль (78 минг доллар) ўғирлаб кетган.
Пётр уни алдаган одамга қарши тергов жараёнларида қатнашиш учун Тошкентга қайтмоқчи бўлган. У ҳолат юзасидан асабийлашиб, ичишни бошлаган. Ҳозирда Юлия эрига нисбатан адовати йўқлигини айтиб, Пётр ғойиб бўлгани фонида унга ёмон нарса бўлмаганига умид қилмоқда.