Қашқадарёда ноқонуний 5 қаватли “дом” қурилаётгани аниқланди

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида қурилиши ҳудудий назорат инспекцияси рўйхатидан ўтказилмаган 5 қаватли “дом” қурилаётгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят қурилиш соҳасида назорат инспекцияси директор ўринбосари Адҳам Жўраев маълум қилди.

Унинг айтишича, Қарши шаҳри “Беклар” МФЙ ҳудудида буюртмачи-пудратчи ташкилот “П.Т.” МЧЖ томонидан 5 қаватли бинонинг қурилиши ноқонуний равишда амалга оширилаётгани аниқланган. Унинг биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, қолган қаватлари турар-жой биноси сифатида қурилаётган бўлган.

Шунингдек, объект қурилишида лойиҳа-смета ҳужжатларига экспертиза ташкилотининг йиғма ижобий экспертиза хулосаси олинмаган, объект қурилиши ҳудудий назорат инспекциясидан рўйхатдан ўтказилмаган. Бундан ташқари, унинг атрофи вақтинчалик ҳимоя тўсиғи билан ўралмаган ҳамда ишчи ходимлар техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаган.

Ҳозирда объектда аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар барча турдаги қурилиш-монтаж ишлари вақтинча тўхтатилган.

Бундан ташқари, мазкур бинонинг дастлабки қурилиш босқичида яъни 2022 йилда ҳудудий назорат инспекцияси томонидан текширув ўтказилган ва маъмурий баённома расмийлаштирилган.