Энди бола туғилиши билан тегишли мактабга онлайн ҳисобга қўйилади


Кейинги йилдан бошлаб бола туғилганидан сўнг тегишли умумий ўрта таълим муассасасида онлайн ҳисобга қўйилади.

Маълум қилинишича, 2024 йил 1 январдан бошлаб, бола туғилганидан сўнг доимий яшаш манзилидаги микроҳудудга бириктирилган умумий ўрта таълим муассасасида онлайн ҳисобга қўйилади.

2023 йил 1 октябрдан бошлаб, нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини ташкил қилишда ўқитувчиларнинг тоифалари ҳамда битта синфда таълим олувчиларнинг максимал сонига қўйилган талаблар енгиллаштирилади.

Бундан ташқари, 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб, «Сирдарё тажрибаси» асосида ҳар битта ҳудудда биттадан замонавий “Баркамол авлод” мактаблари ташкил қилинади.

Шунингдек, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб, «Баркамол авлод» болалар мактаблари аъзоларининг IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ҳамда робототехника йўналишлари бўйича стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун ҳар йиллик грантлар ажратиб борилади.